Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси
М.Т. Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар
сейсмик мустаҳкамлиги институти

Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси
М.Т. Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар
сейсмик мустаҳкамлиги институти

admin 2020-05-14

СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДАГИ «САРДОБА» СУВ ОМБОРИДА РЎЙ БЕРГАН ТЕХНОГЕН ОФАТ ОҚИБАТЛАРИ ҲАҚИДА

Новая страница 1

СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДАГИ «САРДОБА» СУВ ОМБОРИДА РЎЙ БЕРГАН ТЕХНОГЕН ОФАТ ОҚИБАТЛАРИ ҲАҚИДА

 

Т.Рашидов, Д.А. Бекмирзаев, Н.А.Нишонов

 

Жорий йилнинг 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган «Сардоба» сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги бир қатор аҳоли пунктларига сув тошқини жиддий зарар етказди. Натижада, ана шу учта тумандаги 22 та аҳоли пунктларидан 70 мингга яқин фуқароларни Сирдарё вилоятининг ва қўшни Жиззах вилоятининг туман ва шаҳарларидаги ўқув муассасаларининг ётоқхоналари, аҳоли хонадонларига кўчирилган.

Президентимиз ҳодиса юз берган дастлабки соатлардаёқ офат юз берган ҳудудга зудлик билан етиб келиб, вилоятда қолиб, вазиятни барқарорлаштириш ишларига шахсан бош-қош бўлдилар. Шу боис ҳам халқимиз бу кутилмаган талофат олдида ўзини йўқотиб қўймади. Ҳамма бир тану бир жон бўлиб, ҳудудларда сув тошқини оқибатларини бартараф этиш ишларини олиб боришмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг иқтисодиёт секторини ривожланишида қишлоқ ҳўжалагини ўрни юқори бўлганлиги сабабли, уларни сув билан таъминлаш муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Ушбу масалаларни ечимида янги йирик гидроузелларни қуриш ва эксплуатация қилинаётган гидротехник иншоотларни ҳавфсиз ишлашини таъминлаш асосий муҳим роль ўйнайди.

Сардоба сув омбори тўғони ёрилиши натижасида келиб чиққан техноген офат оқибатида юз берган бино ва иншоотлардаги зарарланишлар ҳамда бузилишларни ўрганиш мақсадида ЎзР ФА Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти томонидан 8-10 май кунлари Сардоба туманига экспедиция уюштирилди.

Техноген авария туфайли турар жой ҳудудлари, боғлар ва экин майдонлари миллионлаб кубометр сув оқибатда балчиқ ва лой остида қолди. Оқим ўз йўлида кўплаб хусусий уйларни вайрон қилди, 8 та болалар боғчаси, 16 та мактаб, 7 та тиббиёт муассасаси, битта коллеж, 7 та қабристон, 3 та масжид ва 13 та республика аҳамиятига эга кўприклар шикастланган. Йўллар ювилиб кетган ва деҳқон бозори вайрон бўлган. Бундан ташқари 10 та маҳалла фуқаролар йиғинининг 20 та аҳоли яшаш пунктида жами 5969 та турар ва 277 та нотурар жой объектлари зарарланганлиги аниқланган. 5 969 турар жойларнинг 4 587 таси якка тартибдаги уй жой, 1 337 таси кўп қаватли хонадон ва 45 таси қурилиши тугалланмаган уй жойлардир.

Сардоба туманидаги турар жой биноларни кўздан кечирилганда қишлоқларда асосан 3 турдаги анъанавий типдаги турар жой биноларидан иборатлиги аниқланди:

деворлари лойдан (пахсадан) қурилган уйлар;

деворлари хом ғиштдан қурилган уйлар;

ёғоч синч каркасли (деворлари хом ғишт ёки гувалак билан тўлдирилган) уйлар.

Ушбу типдаги турар жой биноларининг юк кўтарувчи деворлари асосан маҳаллий хом ашёлардан, яъни қурилиш материали сифатида соз тупроқдан фойдаланилганлиги билан характерлидир. Бу қурилган бинолар деворларининг намланиши таъсирида ўз мустаҳкамлигини йўқотиши, уларнинг шикастланиши ва бузилишларининг асосий сабабидир. Бундан ташқари ушбу яшаш ҳудудларида 70-80 йилларда қурилган бир ва икки қаватли темир бетон ораёпмали ғиштли ҳамда янги типдаги намунавий лойиҳалар асосида қурилган бир қаватли ғиштли темир бетон каркасли бинолар ҳам учрайди. Бу типдаги биноларда юк кўтарувчи деворларни пишган ғиштдан тайёрланганлиги сабабли сув тасирида бузилишлар кузатилмаган.

Ўрганишлар шуни кўрсатадики, сув чиқиши муносабати билан юзага келган табиий офат оқибатида сув ювиб кетишидан йўллар ва транспорт иншоотлари жиддий зарарланган, бунинг натижасида қишлоқлараро транспорт алоқаси узилиб қолган.

Кўприкларнинг икки тарафидаги кириш қисмидаги таянч деворларининг атрофлари мустаҳкамлиги темибетон қопламалар билан керакли даражада таъминламаганлиги сабабли ҳамда катта миқдордаги сув ҳисобига кириш йўллари тўлиқ ювилган, бу эса кўприклардан фойдаланиш имкониятини йўқотган, айримлари тўла яроқсиз ҳолга келган.

Талофат кўрган ҳудудларда барча давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари томонидан талофат оқибатларини бартараф этиш, аҳолига ёрдам кўрсатиш борасида ҳамкорликдаги ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда.

Дунёдаги кучли табиий офатлар оқибатларини баҳолашдан кўринадики, агар ҳудудларнинг хавфни баҳолаш ўз вақтида ўтказилса, уни камайтириш бўйича тадбирлар ва режалар тайёрланса ҳамда фойдаланилса аҳоли ўртасида ўлим ва моддий зарар қийматини етарли даражада камайтириш мумкин.

Ер юзидаги асосий табиий офатлардан бири бўлган сув тошқинларига қарши курашнинг асосий йўли, бу турли соҳа объектларидаги бино ва иншоотларни хавфсизлигини таъминлашдан иборатдир. Бу эса бино ва иншоотларни фан ва техниканинг оҳирги ютуқлари асосида лойиҳалаш ва қуриш, экспулатация қилинаётган объектларни техник ҳолатини баҳолаш бўйича доимий равишда мониторинг ишларини олиб бориш ҳамда инструментал кузатув тадқиқотлар натижаларига асосланган ҳолда ишончли эксплуатация қилиш учун тавсиялар ишлаб чиқиш, қурилиш конструкцияларини экспериментал – назарий тадқиқотлар натижалари асосида мустаҳкамлигини таъминлаш, шунингдек аҳолини хавфга қарши тура олиш йўлларини ўргатиш ва тезлик билан ёрдам кўрсатадиган тизимларни ҳаракатини ташкил қилиш орқали амалга оширилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтиш керакки, юз берган табиий офат оқибатларини зудлик билан бартараф этиш ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги экинларини тез кунларда қайта жойлаштириш ва экишни ташкил этиш технологияларини ишлаб чиқиш, юзага келган экологик ҳолатни юмшатиш ҳамда зарар кўрган аҳолига ҳар томонлама тезкор тиббий-психологик ва амалий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, шунингдек келгусида бундай табиий офатлар рўй беришини олдини олишнинг энг мақбул илмий ечимларини ишлаб чиқиш ҳамда мамлакатимизнинг мавжуд илмий-инновацион салоҳиятини жалб этишни талаб этмоқда.

Ҳозирда турли кўринишдаги табиий, техноген ва бошқа фавқулодда вазиятларда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, жумладан сейсмик хавфни бошқариш ва камайтириш бўйича стратегия ишлаб чиқиш, сейсмик хавфсизликни таъминлаш бўйича муаммоларни ҳал этиш ҳамда фавқулодда вазиятларда мавжуд ва янги қурилаётган объектларни мустаҳкамлигини кучайтириш, улардан хавфсиз фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, аҳолининг кенг қатламига ва бошқарув ҳодимларига етказиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориш, ушбу йўналишларда бажарилган илмий ишларни ривожлантириш ва такомиллаштириш лозимлигини даврнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан табиий офат оқибатларини бартараф этишнинг илмий ечимини таъминлашга мавжуд илмий-инновацион салоҳиятни жалб этиш мақсадида амалий ва инновацион лойиҳаларнинг махсус танловини эълон қилинди. Биз олимлардан ушбу танловда иштирок этиб ушбу йўналишда янги ишланмаларни яратиш ёки мавжуд (тайёр) технологияларни (ишланмани) жорий этишни (ҳудудга мослаштиришни) назарда тутувчи бажарилиши бир йилга мўлжалланган амалий ва инновацион лойиҳалар амалга ошириш ва жорий этиш талаб этилади.